Санкт-Петербург ҳукумати ва Тошкент ҳокимияти истиқболли битим имзолашни режалаштирмоқдалар
Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Санкт-Петербург ҳукумати ва Тошкент ҳокимияти истиқболли битим имзолашни режалаштирмоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Россия ОАВга асосланган ҳолда.
Ҳужжат Санкт-Петербург делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида имзоланиши кутилмоқда. У 7-10 ноябр кунлари бўлиб ўтади. Ташриф доирасида бизнес-форум ўтказиш, ҳамкорлик йўналиш ва истиқболларини муҳокама қилиш, Тошкент билан ҳамкорлик бўйича шартномалар имзолаш, шунингдек, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.
“Ташриф давомида Санкт-Петербург ҳукумати ва Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик битими ва йўл хариталарини имзоланиши кутилмоқда”, - деб хабар қилади “360” телеканали Санкт-Петербургнинг Ташқи алоқалар қўмитасига асосланган ҳолда.
Самарқанддаги маданий-ишбилармонлик миссияси доирасида Санкт-Петербург корхоналарида ишлашни истаган фуқароларнинг уюшган ҳолда ёллаш марказининг очилиши бўлиб ўтади. Шунингдек, Самарқанд вилояти раҳбарияти билан учрашувлар ҳам режалаштирилган.
Тошкентда “Санкт-Петербург ва Ўзбекистон Республикаси: ҳамкорликнинг янги уфқлари” бизнес-форумини ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, Санкт-Петербург компаниялари тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.