Санкт-Петербургда Ўзбекистоннинг Бош консулхонаси очилди

Дата: 14:35, 16-03-2018.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Санкт-Петербург шаҳрида (Россия) Ўзбекистон Бош консулхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИВнинг маълум қилишича, тадбирда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари В.Запевалов, шаҳар Ташқи алоқалар қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи С.Марков, Ленинград вилояти Ташқи алоқалар қўмитаси раиси А.Минин, ўзбек диаспорасининг вакиллари ва журналистлар иштирок этишди.

Маросимда нутқ сўзлаганлар Бош консулхона очилгани чет элдаги юртдошларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, шунингдек, Ўзбекистоннинг Россия минтақалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим қадам эканлигини таъкидладилар.

“Шаҳримиз ҳукумати Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Биз ҳамкорликни кенгайтириш, ташрифларни ташкил этишга ўзаро интилишни ва бошқа кўплаб икки томон учун ҳам манфаатли лойиҳаларни юқори баҳолаймиз”, - деди Санкт-Петербург шаҳрининг ҳокими Георгий Полтавченко ўз табригида.

Сурат манбаи: https://riafan.ru/region/spb/1031471-generalnoe-konsulstvo-uzbekistana-otkrylos-v-peterburge

Янгилик билан ўртоқлашиш: