Sanofi француз ширкати Ўзбекистонда гриппга қарши вакциналар ишлаб чиқаришни бошлади
Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – Sanofi француз ширкати “Ўзфармсаноат” АК билан биргаликда Ўзбекистонда гриппга қарши вакциналар ишлаб чиқариш лойиҳасининг биринчи босқичини бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Sanofi билан ҳамкорликда Bio Vaktsinalar корхонаси қувватларида маҳаллий ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ишлаб чиқариш майдончасининг сифати Sanofi томонидан қабул қилинди. Маҳаллийлаштирилган илк восита гриппга қарши вакцина бўлди ва “Ваксигрип” номи билан сотувга чиқди”, - деб таъкидлашди “Ўзфармсаноат”да.
Корхона келажакда юрак қон-томир ва эндокрин тизими, ошқозон ичак йўлининг сурункали касалликларига қарши дорилар ҳам ишлаб чиқаради.
Маълумот ўрнида, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Француз Республикаси ўртасидаги ҳукуматлааро келишув доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур хужжатга мувофиқ савдо-иқтисодий, инвестицион, молия ва технологик ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳам кенгайтирилади.


