Сайловга бўлган ишончга путур етказишмоқчи – МСК раҳбари
Тошкент. 7 январь. ЎзТАГ – Сайловга бўлган ишончга путур етказишмоқчи, дея маълум қилади Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (МСК) раҳбари Мирзо-Улуғбек Абдусаломов, деб хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Марказий сайлов комиссиясига жойларда ҳали ҳам сайлов комиссиялари аъзоларига иш ҳақи тўланмаганлиги ҳақида хабарлар келмоқда.
"Бу масала аллақачон ҳал қилинган. Сайловдан 10 кун олдин биз барча ҳудудларга етарли маблағ ажратганмиз. Қандай қилиб улар ҳали ҳам иш ҳақини олмасликлари мумкин? Менимча, бу давлат сиёсатига қарши олиб борилаётган иш ёки сайловга бўлган ишончни камайтиришга уринишдир", – дея қайд этди Абдусаломов.
Барча ҳудудий мутасаддиларга бу масалани охиригача етказиш, ҳудудий сайлов комиссиялари раисларига – мавжуд вазиятни ҳал этиш вазифаси топширилди.
Эслатиб ўтамиз, МСК 6 январь куни парламент сайловлари натижаларини эълон қилди. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) қуйи палатасига сайлов якунлари бўйича 53 та депутатлик ўрни, "Миллий тикланиш" демократик партияси – 36, Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси – 24, Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) – 22 та, Ўзбекистон Экологик партияси – 15 та ўринни эгаллади.
ЎзЛиДеП партияси вакиллари мамлакатимиз бош вазири лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлдилар.
Сайловнинг биринчи босқичи 22 декабрь куни бўлиб ўтган эди.
Сурат манбаи: t.me/IPCElection2019