“Sen Yolg’iz Emassan” жамғармаси Самарқандда янги меҳрибонлик уйи қурди

Дата: 17:51, 06-05-2015.

Тошкент. 6 май. ЎзТАГ – “Sen Yolg’iz Emassan” жамғармаси Самарқандда янги меҳрибонлик уйи қурди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) жамғарма васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тиллаеванинг шахсий саҳафасидаги маълумотга асосланган ҳолда.

Очилиш маросимида Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевлар иштирок этдилар.

Маълумотда айтилишича, 6-сонли Меҳрибонлик уйига 1943 йилда, Иккинчи Жаҳон уруши даврида асос солинган. Уйнинг эски биноси болаларнинг унда ҳаёт кечиришига умуман мўлжалланмаган эди, чунки илгари мазкур бино прокуратура жойлашган иншоот бўлган. 2013 йилда Лола Каримова-Тиллаева ташрифидан сўнг Жамғарма томонидан янги кенг майдонда қуриш ишларини бошлаб юбориш қарор қилинди. Самарқанд марказига яқин жойда 2,1 гектарга тенг ер майдони танланди.

“Биз уй лойиҳасини ишлаб чиқишда архитектор, педагог ва психологлар билан биргаликда пухта иш олиб бордик, болажонларнинг яшаши, ривожланиши ва таълим олиши учун максимал қулайликлар яратишга интилдик”, - дея таъкидлаб ўтди Лола Каримова-Тиллаева.

Янги уй ҳовлисида ёзги бассейн, амфитеатр ва 9та корпус жойлашган. Булар – маъмурий бино, қиз болалар, ўғил болалар ва кичкинтойлар турар жой корпуслари, ошхона, тиббий ва ўқув бинолари, спорт зали жойлашган.

Меҳрибонлик уйининг янги биноси болаларнинг эҳтиёжи асосида лойиҳалаштирилди. Барча хоналар шинам мебеллар ва ускуналар билан таъминланди. Биноларнинг умумий майдони 7876 кв. метрни ташкил этди.

Ҳозирда бу ерда мактаб ва боғча ёшидаги 85та ўғил бола ва 42та қиз бола тарбияланиб келмоқда.

Маълумот ўрнида, “Sen Yolg’iz Emassan” жамғармаси 2002 йилда ташкил топиб, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ҳартомонлама ёрдам кўрсатиш ишларини олиб боради. Жамғарма фаолиятининг асосий йўналишларидан бири Меҳрибонлик уйларида тарбияланувчи болаларнинг яшаб ривожланиши учун уй шароитига яқин бўлган шинам муҳит яратишдир. “Sen Yolg’iz Emassan” жамғармаси томонидан Тошкент, Самарқанд ва Чирчиқ шаҳарларидаги болалар уйларида қурилиш, капитал таъмирлаш ишлари ва замонавий ускуна ва мебеллар билан таъминлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, Жамғарма имконияти чекланган инсонларга мўлжалланган бир қатор муассасаларда капитал таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларини амалга оширди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: