Сенат Фермер хўжаликларини кўптармоқли хўжаликларга айлантириш дастурини маъқуллади

Дата: 16:10, 22-12-2017.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида “2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича Дастур тўғрисида”ги масалани кўриб чиқдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Сенат матбуот хизмати маълумотига кўра, масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ киритилган.

Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурларга мувофиқ мамлакатнинг 21 634 та фермер хўжалигида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш бўйича 22 986 та лойиҳа амалга оширилади.

Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7,4 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 4,3 минг гектар майдонда янги узумзорлар ва 844 гектар майдонда иссиқхоналар яратилади.

Шунингдек, 520 та фермер хўжалигида мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш, 785 та фермер хўжалигида ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошлаш, 370 та фермер хўжалигида рефрижератор омборлар қуриш, 3,9 минг фермер хўжалигида чорвачилик ва паррандачиликни, 2,3 минг фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичиликни, 2,1 минг фермер хўжалигида қўйчилик, эчкичилик ва қуёнчиликни, 171 та фермер хўжалигида йилқичиликни ва куркачиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни, шунингдек, 6732 та фермер хўжалигида сервис хизматларини ташкил этиш бўйича 8 мингта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган.

2018 йил учун тасдиқланган лойиҳаларни амалга ошириш учун республика бўйича 1 603 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Шундан 608,8 миллиард сўми тижорат банклари кредитлари ҳисобига амалга оширилади. Энг асосийси, қишлоқ жойларда 83 567 та янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Сурат манбаи: https://anhor.uz/history/kapelynoe-uzbekistane

Янгилик билан ўртоқлашиш: