Сенат Қирғизистон билан чегара бўйича шартномани ратификация қилиш масаласини кўриб чиқади

Дата: 14:02, 03-10-2017.

Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – 4 октябрда Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи йиғилиши бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Йиғилишнинг марказий масаласи “Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасидаги ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун бўлади. У Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни тўлақонли амалга ошириш режасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

“Ушбу ҳуқуқий ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сиёсий партияларнинг барча фракцияларида экспертлар иштирокида ҳар томонлама кўриб чиқилди ва 2017 йил 28 сентябр куни Олий Мажлис қуйи палатаси томонидан қабул қилинди”, - деб таъкидлашди парламент матбуот хизматида.

Шунингдек, қонун олдинроқ Сенатнинг Халқаро алоқалар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан илмий ва эксперт доираларининг вакиллари иштирокида ўрганилди. Сенаторларнинг фикрига кўра, у иккитомонлама муносабатларни янада ривожлантириш, қўшни давлатлар - Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга янги туртки беради.

Сенат кўриб чиқиши учун “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги масала ҳам киритилмоқда.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ваколатига кирадиган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: