Сенатда ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун маъқулланди

Дата: 15:09, 26-08-2016.

Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон парламенти юқори палатаси ишининг биринчи кунидаги олтинчи ялпи мажлис доирасида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжат ички ишлар органларининг мақомини, биринчи навбатда, қонун устуворлигини, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича улар фаолиятининг шакллари ҳамда усулларини аниқ белгилаб беришга қаратилган.

Мажлис доирасида ушбу қонун ички ишлар органлари тизими ва тузилишини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда ваколатларини, уларнинг ходимларига нисбатан қўйилган талабларни, шунингдек, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш чораларини аниқ белгилаб бериши таъкидланди.

Қонунда ички ишлар органларининг асосий вазифалари, фаолият йўналишлари ва принциплари мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Ички ишлар органлари зиммасига фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини, жамоат тартибини ва жамоат хавфсизлигини, юридик ҳамда жисмоний шахслар мол-мулки ҳимоясини таъминлаш вазифалари юклатилмоқда.

Қонунда ички ишлар органлари хизматига қабул қилишга доир қўйилган асосий талабларга, хизмат ўташ шартларига алоҳида ўрин ажратилган.

Маълумот ўрнида, 24-25 августда Тошкентда Олий  Мажлис Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: