Сенаторлар Ўзбекистон омбудсманининг иши тўғрисидаги ҳисоботни тингладилар

Дата: 18:02, 01-04-2016.

Тошкент. 1 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Сенати аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2015 йилги фаолиятига доир ҳисобот тингланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Сенатдан маълум қилишларича, ҳисобот парламент юқори палатасининг 31 мартдаги ялпи мажлисида қилинган.

Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилаётганлиги устидан парламент назоратини амалга ошириш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганлиги таъкидланди.

Ҳуқуқий маданиятни ошириш ва фуқарорлик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда суд тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти устидан жамоат назорати механизмини такомиллаштириш юзасидан қатор тадбирлар ўтказилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилишига, уларни тиклаш бўйича қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий саводхонлик ошиб бораётганлиги қайд этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: