Сентябрда “Бухоро ҳунармандлари” фестивали бўлиб ўтади

Дата: 19:36, 24-08-2017.

Бухоро. 24 август. ЎзТАГ – 15-17 сентябрда “Бухоро ҳунармандлари” фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат туризм қўмитаси маълумотларига кўра, фестивалда ҳунармандчилик соҳасида фаолият кўрсатаётган корхоналар, ҳунармандлар, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар иштирок этадилар.

Фестивал доирасида “Палов сайли” кўрик-танлови ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, танловга вилоятдаги энг машҳур ошпазлар таклиф қилинади.

Тадбир Бухоронинг туристик имкониятларини кенг тарғиб қилиш, халқнинг бой маданий-маърифий мероси, урф-одатлари ва анъаналари, миллий ҳунармандчилиги,  тасвирий ва амалий санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.

Фестивалнинг асосий мақсадлари вилоятда миллий ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, йўқолиб кетган ҳунармандчилик турларини қайта тиклаш ва ривожлантириш, ўзбек ҳунармандларининг хорижий мамлакатлар орасидаги нуфузини ошириш, ҳунармандлар орасида ўзаро ҳамкорликни яхшилаш, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва яратилган асарларнинг сотилишига кўмаклашиш ҳисобланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: