Сентябрда Тошкентда қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг савдо миссияси бўлиб ўтади
Тошкент. 26 август. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 17 сентябрида Тошкентда қозоғистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг савдо миссияси бўлиб ўтади. Ташриф экспорт ва инвестиция бўйича “Kaznex Invest” миллий агентлиги, ҚР инвестиция ва ривожланиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Машинасозлик, кимё, қурилиш, фармацевтика, озиқ-овқат, металлургия саноатларининг 20 корхоналари вакиллари ўзбекистоннинг улгуржи харид ва дистрибьюторлик компаниялари билан музокаралар ўтказадилар. Шу билан бирга, давлат органларида қозоқ товарларини рўйхатдан ўтказиш ва қозоқ компанияларининг Ўзбекистондаги давлат харидларида қатнашиш имконияти масалалари муҳокама қилинади”, - деб айтилади “Kaznex Invest” порталидаги хабарда.
Таъкидланишича, ушбу ташриф “Kaznex Invest” томонидан Тошкентда ўтказилаётган иккинчи шундай учрашув. Биринчи савдо миссияси якунлари бўйича қозоғистонлик 16 ишлаб чиқарувчи иштирокида $7 млнлик шартномалар имзоланган эди.