Сентябрда Ўзбекистон фонд бозори учун Ягона мажмуа жорий этилади

Дата: 17:59, 19-02-2016.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Сентябрда Ўзбекистон фонд бозори учун Ягона дастурий-техник мажмуани жорий этиш режалаштирилмоқда. У “Тошкент” РФБ ва Корейс фонд биржаси ўртасида ўзаро алоқа тизимини яратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шу ва бошқа масалалар Ўзбекистон Давлат рақобат қўмитаси раиси Даврон Ҳидоятов ва Корея Республикасининг мамлакатдаги элчиси Ли Ук-Хен ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди.

Қўмитадан хабар қилишларича, ҳозирга келиб “Тошкент” РФБ ахборот-ресурс марказини жиҳозлаш учун ускуналарнинг бир қисми етиб келди. Уларнинг ишга туширилиши корейс бизнесининг Ўзбекистон иқтисодида янада фаолроқ иштирок этиши учун қўшимча имкониятлар яратади.

Суҳбат давомида Тошкентда 2015 йил 5-6 ноябрда бўлиб ўтган Халқаро инвестицион форумда имзоланган келишувларни амалга ошириш ҳам муҳокама қилинди. Форумда 99 корейс компаниясидан 169 вакил қатнашган, улар билан 20 келишув ва меморандумлар тузилган эди.

Учрашувда хорижий баҳолаш компанияларининг хусусийлаштирилаётган объектларни баҳолашда иштироки ва Корейс фонд биржаси иштирокида республика қимматли қоғозлар бозорини модернизация қилиш имкониятлари ҳам ўрганилди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: