Сентябрда Ўзбекистонда юк машиналари учун кабиналар ишлаб чиқариш бошланади

Дата: 18:23, 28-07-2016.

Тошкент. 28 июл. ЎзТАГ – Сентябрда Самарқанддаги JV Man Auto Uzbekistan қўшма корхонаси оғир юк кўтарувчи автомобиллар ва махсус транспорт воситалари учун кабиналар ишлаб чиқаришни бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бу ерда йилига 3 минг атрофида кабина чиқарилади. Корхонада янги немис ва итальян технологик линиялари ўрнатилган. 50 ортиқ янги иш ўринлари ташкил қилинади”, - деб таъкидлашди “Ўзавтосаноат” АЖда.

Кабина ишлаб чиқариш жараёни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш циклида амалга оширилади. Кабинанинг металл панеллари Хитойдаги Sinotruk Import & Export Co Ltd компанияси томонидан етказиб берилади ва корхонада пайвандланади. Сўнгра Самарқанд автомобиль заводи бўяш цехи базасида емирилишга қарши қатлам сурилиб, бўялади. Бўялган кабиналар JV Man Auto Uzbekistan қўшма корхонасига келтирилиб, ички ва ташқи жиҳозларини ўрнатиш каби сўнгги йиғув ишлари бажарилади.

Маълумот ўрнида, JV MAN AutoUzbekistan ҚК 2009 йилда “Ўзавтосаноат” акционерлик компанияси (51%) ва дунёга машҳур MAN Truck & Bus Group (49%) ширкати томонидан ташкил этилган. Ҳозирда ҚК кенг турдаги юк автомобиллари ва махсус техникаларни ишлаб чиқаради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: