Серб тренери Ўзбекистоннинг ёш футболчилари билан иш бошлайди

Дата: 17:26, 18-12-2017.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Сербиялик тренер Завиша Милославлевич Ўзбекистоннинг ёш футболчилари билан иш бошлайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Эслатиб ўтамизки, мутахассис мамлакатимизга 17 декабрда Ўзбекистон Футбол Федерацияси таклифига мувофиқ, болалар футболини ривожлантириш концепциясини тақдим этиш мақсадида ташриф буюрди.

ЎФФ раҳбарияти томонидан бу дастур ўрганиб чиқилиб, маъқул деб топилса, Завиша Милославлевич билан шартнома имзоланади. У 3-ҳудуд ҳисобланган водийда Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларида иш олиб боради.

Бошқа ҳудудлар учун ҳам Европадан болалар футболи бўйича мутахассисларни жалб қилиш мақсадида ҳозирда музокаралар давом этяпти.

Мамлакатда болалар футболини ривожлантириш доирасида болалар мураббийларининг малакасини оширишга алоҳида аҳамият қаратиляпти. Футбол мактабларида Европанинг футболни ривожлантириш тажрибаси ўрганилмоқда, болалар билан машғулотларни Европа андозаларига мос равишда ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Завиша Милославлевич мураббийлик фаолиятини 1986 йил Загребнинг “Динамо” клубида бошлаган. Кейинчалик Сербиянинг турли ёшлардаги терма жамоаларида (U-16, U-19) фаолият олиб борган. 2003-2007 йиллар давомида Сербия ёшлар терма жамоасида мураббий бўлиб ишлаган. 

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: