Сергей Лавров Ўзбекистонга ташриф буюриб, 7 апрелда МДҲ ТИВК мажлисида иштирок этади
Тошкент. 31 март. ЎзТАГ – Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташриф буюриб, 7 апрелда МДҲ ТИВК мажлисида иштирок этади. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова маълум қилди, деб ёзади ЎзТАГ.
“7 апрелда Тошкентда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ташқи ишлар вазирлари кенгаши (МДҲ ТИВК) мажлисида иштирок этади”, - дейилади РФ ТИВ сайтидаги маълумотда.
Йиғилишда вазирлар давлатлараро ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги кенг миқёсдаги масалалар ва Ҳамдўстликка аъзо давлатларининг ташқи сиёсий йўналишларини муҳокама қилишади ҳамда долзарб ташқи сиёсий муаммолар юзасидан фикр алмашишлари режалаштирилган.
РФ ТИВ маълумотига кўра, МДҲ ТИВ раҳбарлари христиан, мусулмон ва бошқа дин вакилларига нисбатан камситиш ва тоқатсизлик қилинишига йўл қўймаслик ҳақида қўшма баёнотни қабул қиладилар.
Шунингдек, МДҲ ТИВК 2016 йил 16 сентябрдаги МДҲ мақомини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган ишларга доир қарорларини амалга ошириш бўйича бошланғич якунларни, МДҲ органлари иш самарадорлигини ошириш,ташкилот бюджетини оптималлаштириш чоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилиши кўзда тутилмоқда.