Севара Назархон россиянинг “Юлдузлар билан рақслар” шоусида иштирок этмоқда

Дата: 09:46, 06-02-2015.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик хонанда Севара Назархон россиянинг “Юлдузлар билан рақслар” шоусида иштирок этмоқда. Ушбу кўрсатув 2015 йил 14 февралдан бошлаб “Россия 1” каналида эфирга узатилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) хонанданинг расмий сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Севара “Россия 1” каналидаги “Юлдузлар билан рақслар” шоусида иштирок этмоқда. Севаранинг ҳамкори спорт баллари бўйича Португалиянинг беш карра чемпиони, уч карра Португалия кубоги соҳиби, Жаҳон ва Европа кубоги яримфиналчиси, шунингдек, йирик WDSF турнирлари финалчиси Александр Набиуллин бўлди”, - дейилади маълумотда.

Ўзбекистонлик хонандадан ташқари шоуда 7 актриса қатнашмоқда. Булар Мария Голубкина, Любовь Толкалина, Екатерина Волкова, Ксения Алферова, Агния Дитковските, Ирина Пегова, Светлана Ивановалар. Шунингдек, 3 хонанда – Слава, Татьяна Овсиенко, Юлия Волкова, модель Екатерина Жаркова, режиссёр Валерия Гай Германика ва фигуристка Аделина Сотниковалар ҳам кўрсатувда қатнашадилар. Уларнинг бари моҳир раққослар ёрдамида бал рақсларини ўрганадилар.

Шоуни артист Максим Галкин олиб боради.

“Юлдузлар билан рақслар” шоуси – кўнгилочар телекўрсатув бўлиб, “Россия 1” телеканалида 2006 йил январда илк марта эфирга чиққан. Ушбу кўрсатув англиянинг BBC каналига қарашли “Strictly Come Dancing” кўрсатувининг русча муқобилидир.

Янгилик билан ўртоқлашиш: