Севара Назархонни “Юлдузлар билан рақс” лойиҳасида ҳакамлар ҳайъати “қутқариб” қолди

Дата: 13:03, 16-03-2015.

Тошкент. 16 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик хонанда Севара Назархонни “Россия-1” телеканалидаги “Юлдузлар билан рақс” лойиҳасидан чиқиб кетишдан ҳакамлар ҳайъати “қутқариб” қолди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳол 14 март куни бўлган эфирда, хонанда шериги Александр Набиуллин билан биргаликда 46 балл олган пайтда содир бўлди. Ўз навбатида, томошабинларнинг овозлари уларнинг рақиблари Катя Жаркова – Виталий Сурма жуфтлигини асраб қолди.

Маълумот ўрнида, “Юлдузлар билан рақс” лойиҳаси “Россия” телеканалида 2006 йил январда йўлга қўйилган бўлиб, дастур BBCнинг “Strictly Come Dancing” лойиҳасининг русча версиясидир.

Лойиҳанинг 9-мавсуми ҳайрия йўлида ўтказилмоқда. Томошабинлар овозларидан тушган барча маблағлар “Ҳаёт совға қил”, “Вера” ва “Галчонок” ҳайрия ташкилотлари, шунингдек, “Б.Э.Л.А болалари”, “Қувончли кексалик” каби кичик лойиҳаларни қўллаб-қуватлашга сарфланади.

Севара Назархон – таниқли ўзбек хонандаси бўлиб, у поп, фолк-рок услубида куйлайди. Шунингдек, хонанда анъанавий ўзбек мусиқасини ҳам ижро қилади ва ўзи ҳам куйлар ёзади. У Ўзбекистон Республикаси халқ артисти.

Янгилик билан ўртоқлашиш: