ШҲТ бош котиби бўлажак президент сайловлариинг натижалари ўзбек халқининг манфаатларини акс эттиради деб ҳисоблайди
Тошкент. 28 сентябр. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) бош котиби Рашид Алимов бўлажак президент сайловларининг натижалари ўзбек халқининг манфаатларини акс эттиради деб ҳисоблайди.
“Аёнки, бўлғуси сайловнинг рақобат, мусобақа руҳида ўтиб, кураш жуда қизиқарли кечади. Аминманки, сайлов натижалари ўзбек халқи манфаатларини ўзида акс эттириб, Ўзбекистон Республикаси равнақи ва гуллаб-яшнаши учун жамият жипслигининг ёрқин намунасига айланади”, - деб иқтибос келтиради ТАСС Р.Алимовнинг интервьюсидан.
ШҲТ бош котибининг сўзларига кўра, президентлик сайлови, энг аввало, ўзбек халқи, қолаверса, бутун минтақа ва ШҲТ ҳудуди учун катта аҳамият касб этади.
“Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ташкилотчиларидан бири ва ташкилотнинг оёққа туриши ҳамда ривожланишига улкан ҳиссасини қўшиб, бу ишни давом эттирмоқда. Бу Ўзбекистон Республикасининг ШҲТга муваффақиятли раислик қилганида яққол ифодасини топиб, 2016 йил июндаги ШҲТнинг Тошкент саммитини унинг юқори чўққиси бўлди. ШҲТнинг Тошкент саммити қарорлари ташкилот учун тарихий аҳамиятга эга бўлиб, саммитнинг ўзи халқаро аҳамиятга молик бўлган йирик ҳодисага айланди”, - деб таъкидлади Алимов.
Айни пайтда у Ўзбекистоннинг ташкилот ишидаги фаол иштирокини сақлаб қолишига ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга келгусида ҳам улкан ҳиссасини қўшишига умид билдирди.
Шунингдек, Рашид Алимов 18 сентябрда ШҲТ котиби номига Ўзбекистон МСК номидан сайловларда кузатувчилик қилишга таклиф тушганини айтиб ўтди.
“Пекинда 20-23 сентябрда бўлиб ўтган сўнгги йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар миллий мувофиқлаштирувчилари Ўзбекистонга кузатувчилар миссиясини жўнатишга қарор қилди”, - деб қайд этди у.
ШҲТ раҳбарига кўра, кузатув миссияси якунлари сайловдан кейинги куни эълон қилинади.
Эслатиб ўтамизки, муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловларида 4 партия қатнашади. Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партияси (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёевни, “Миллий тикланиш” Демократик партияси Сарвар Отамурадовни, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партияси Наримон Умаровни, Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмоновни номзод қилиб кўрсатган.
Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтади. Сайлов кампанияси 9 сентябрдан бошланди. 30 сентябр-20 октябр орасида номзодларни рўйхатга олиш ишлари ўтказилади.
Муддатидан олдинги сайловлар Ўзбекистонда Конституциясига мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатида вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда.
Президент 5 йил муддатга сайланади.