ШҲТ экспертлари жиноятчиликка қарши курашишни муҳокама қилдилар

Дата: 15:31, 05-03-2016.

Тошкент. 5 март. ЎзТАГ – 2016-йилнинг 1-3-март кунлари Пекин шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида ШҲТга аъзо давлатлар экспертларининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек ТИВ сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.

“Учрашув чоғида ШҲТга аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида 2016-2020-йиллар учун жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни амалга ошириш бўйича Ҳаракат дастури лойиҳаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳамкорлигини янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Ушбу битим 2010-йилнинг 11-июн куни Тошкент шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгашининг мажлиси мобайнида имзоланган.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил июлдан бошлаб Шанхай ҳамкорлик ташкилотида раислик Ўзбекистонга ўтган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга.

2015 йил 9-10 июлда Уфа (Россия) шаҳридаги саммитда ШҲТга Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш, Беларусь Республикасига кузатувчи, Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа ва Непалга мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш ҳақида қарорлар имзоланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: