ШҲТ эркин савдо ҳудудининг “Йўл харитаси” ёзга бориб ишлаб чиқилади

Дата: 13:07, 18-03-2016.

Тошкент. 18 март. ЎзТАГ – РФ Иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев Қозоғистон, Хитой Халқ республикаси, Қирғизистон ва Тожикистон савдо ва иқтисодиёт вазирлари билан учрашди, деб хабар беради “Российская газета”.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) вакиллари ШҲТ аъзо давлатлар ҳудудларида ягона савдо ҳудуди ташкил этишнинг истиқболларини муҳокама қилдилар.

А.Улюкаев июлга бориб “йўл харитаси” концепцияси варианти ишлаб чиқилишини маълум қилди. Улар ШҲТ мамлакатларига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Алексей Улюкаев эркин савдо ҳудуди яратилишининг аниқ муддатларини очиқламагани таъкидланмоқда. “Мен қабул қилиниши кутилаётган қарорларни олдиндан башорат қилмаган бўлар эдим”, - деди у.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 2015 йилнинг июлида ШҲТга  Ҳиндистон ва Покистонни қабул қилиш бўйича ҳаракатлар бошланди. Ташкилотнинг Уфа шаҳридаги саммитида ташкилотда раислик Россиядан Ўзбекистонга ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: