ШҲТ Кузатувчилар миссияси Ўзбекистондаги президентлик сайловларини кузатишни бошлади

Дата: 15:37, 30-11-2016.

Тошкент. 30 ноябр. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Рашид Алимов Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиш бўйича ШҲТ миссияси раҳбари сифатида 2016 йилнинг 29 ноябрдан 5 декабргача Ўзбекистонда бўлади, деб хабар беради ШҲТ матбуот хизмати.

“Халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилиши ШҲТ миссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси раҳбариятининг Президентлик сайловини максимал даражада очиқ ва демократик руҳда ўтишини таъминлашга интилиши сифатида баҳоланмоқда”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, миссия Ўзбекистон қонунчилигидан келиб чиқиб, сайлов жараёнини кузатади ва бунда холислик ва аралашмаслик принципига амал қилади.

Миссия таркибига ШҲТга аъзо давлатлар қонунчилик, ижро ва сайлов органлари вакиллари, ташкилот Котибиятининг мансабдор шахслари, жами 20 киши кирган.

“ШҲТ миссияси кузатув фаолияти давомида Ўзбекистоннинг барча сайлов округларида, имкон қадар кўпроқ сайлов участкаларида бўлишни мўлжаллаган”, - дейилади хабарда.

Олдин хабар берилгани каби, навбатдан ташқари президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон либераль-демократик партиясидан (ЎзЛиДеп) Шавкат Мирзиёев, “Миллий тикланиш” Демократик партиясидан Сарвар Отамурадов, “Адолат” Ўзбекистон социал-демократик партиясидан Наримон Умаров, Ўзбекистон Халқ-демократик партиясидан (ЎХДП) Ҳотамжон Кетмонов қатнашади. 

Муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайловлари 2016 йил 4 декабрда ўтказилади. Сайловлар Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 2 сентябрда 79 ёшида инсульт оқибатади вафот этгани муносабати билан ўтказилмоқда. Шавкат Мирзиёев вақтинчалик республика раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Президент 5 йил муддатга сайланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: