ШҲТ маданият вазирлари ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар
Тошкент. 23 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар Маданият вазирларининг ўн учинчи йиғилиши (МВЙ) бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
ТИВ маълумотларига кўра, унда Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири ўринбосари Галим Аҳмедяров, Хитой Халқ Республикаси маданият вазири Ло Шуган, Россия Федерацияси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Владимир Аристархов, Тожикистон Республикаси маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода, Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазири Баҳодир Ахмедов ва ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов иштирок этди.
Хабар қилинишича, учрашувда ШҲТга аъзо давлатларнинг маданият вазирликлари раҳбарлари томонидан ўтган давр мобайнида маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликнинг ривожланиши дўстона муҳитда ва тўлиқ ҳамжиҳатлик шароитида атрофлича муҳокама қилинди ҳамда ШҲТга аъзо мамлакатлар ҳукуматлари томонидан 2007-йил 16-августда Бишкекда имзоланган Маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим ва ташкилотга аъзо давлатлар маданият вазирларининг аввалги йиғилишларида эришилган келишувлар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида ШҲТ доирасида маданий алоқаларни янада ривожлантириш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, турли халқлар ва динларнинг бирдамликда камол топиши, ШҲТга аъзо давлатлар халқларининг кўп асрлик анъаналари ва урф-одатлари тўғрисидаги билимларни кенг ёйишга барча томонлар биргаликда ҳаракат қилишлари қайд этилди.
Учрашув давомида ШҲТда кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкор мақомига эга давлатлар билан маданият ва санъат соҳасида икки ва кўп томонлама шаклдаги ҳамкорликни такомиллаштириш зарур эканлиги таъкидланди.
Келгусида ШҲТ ҳудудида, жумладан, “Буюк ипак йўли” йўналишидаги мавжуд маданий меросни сақлаш ва ўрганиш бўйича икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Бундан ташқари, ШҲТ ҳудудидаги маданий меросни сақлаш ва ўрганиш, маданий бойликларни талон-тарож қилиш ҳамда уларни ноқонуний тарзда олиб кириш ва олиб чиқишни олдини олиш, архитектура йодгорликларини реэстри ва маълумотлар базасини яратиш, маданий йодгорликларни муҳофаза қилиш ҳамда ноёб санъат асарларини таъмирлаш ва томонларни қизиқтирган бошқа йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлашда ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари келишилди.
Маданият ва санъат соҳасида қўшма тадбирларни ўтказиш халқлар ўртасида ўзаро тушуниш, маданиятларнинг хилма-хиллигини сақлаш ҳамда дунё халқлари маданияти ҳақидаги билимларни ёйилишига хизмат қилади. Шу нуқтайи назардан 2015-йилда Ўзбекистонда ўтказилган “Шарқ тароналари” Х халқаро фестивали юқори баҳоланди. Мазкур фестивал дунё халқларининг мусиқа ва қўшиқ санъати анъаналарини сақлаш ва ривожлантиришга ҳамда санъат орқали миллат ва халқларнинг эзгу мақсадлар сари бирлашишига хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, ШҲТ ҳудудида, жумладан Хитой Халқ Республикасида “Ипак йўли” санъат фестивали, Қирғизистон Республикасида “Арт-Ордо” театр фестивали, Россия Федератсиясида “Бердемлик – Содужество” санъат фестивали ва Тожикистон Республикасида “Чодариҳаёл” халқаро қўғирчоқ театрлари фестивали каби муваффақиятли ўтказилган тадбирлар халқлараро маданий ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради ҳамда дўстлик ва қўшничиликни мустаҳкамлашга кўмаклашади. Мазкур шаклдаги тадбирлар ШҲТнинг барча давлатлари ижод намоёндаларини ягона майдонда бирлаштириш ва ушбу давлатлар миллий колоритларини ифода этадиган ютуқларини намойиш қилиш учун ажойиб имконият ҳисобланади.
ШҲТга аъзо мамлакатлар маданият вазирларининг навбатдаги йиғилишини 2017-йил 22-июн куни Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) ўтказилиши тўғрисидаги Қозоғистон томонинг таклифи кўриб чиқиш учун қабул қилинди.
Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.


