ШҲТ махсус хизматлари интернетда терроризмга қарши туриш бўйича ўқувлар ўтказадилар
Тошкент. 10 апрел. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) махсус хизматлари интернетдан террористик мақсадларда фойдаланишга қарши туриш бўйича қўшма ўқувлар ўтказиш ҳақида келишиб олдилар, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовга асосланган ҳолда.
“Экстремизм билан биргаликда курашиш бўйича фаолиятни тартибга солувчи меъёрий ҳуқуқий хужжатни ишлаб чиқиш ҳақида келишиб олинди. Интернетдан террористик мақсадларда фойдаланишга қарши туриш бўйича қўшма ўқувлар ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинди”, - деди у журналистларга жума куни Тошкентда ШҲТ Ҳудудий антитеррористик таркибининг (ҲАТТ) 26-йиғилиши якунлари бўйича.
ШҲТ ҲАТТ йиғилишида Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон вакиллари қатнашди. Қозоғистон делегациясига МХҚ раиси ўринбосари Нургали Билисбеков бошчилик қилди.
Йиғилишда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг 2015-2018 йилларда терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши кураш бўйича ҳамкорлик дастури лойиҳаси қабул қилинди. Дастур иштирокчилари ШҲТга аъзо мамлакатлар ваколатли органлари экспертларининг террористик, сепаратистик ва экстремистик ташкилотлар ва ташкилотга аъзо давлатлар хавфсизлигига таҳдид туғдирувчи ташкилотларнинг ҳуқуққа қарши фаолиятларига биргаликда қарши туришни мувофиқлаштириш бўйича тадбирлар дастурини ҳам тасдиқладилар.
ШҲТ ҲАТТ навбатдаги йиғилиши 2015 йил сентябрда Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
ШҲТ ҲАТТга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон куч тизимлари киради. Ташкилот қароргоҳи Тошкентда жойлашган.
ШҲТда Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон ва Монголия кузатувчи мақомига эга.