ШҲТ мамлакатлари ташқи сиёсий муассасалари вакиллари Тошкент саммитига тайёргарликни муҳокама қилдилар

Дата: 12:45, 07-04-2016.

Тошкент. 7 апрел. ЎзТАГ – 5-6-апрел кунлари Пекин шаҳрида Ўзбекистон томони раислигида ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирликлари ахборот хизматлари раҳбарлари маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон вакиллари ШҲТ фаолиятини ҳамда Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва ташкилотнинг 15 йиллигига тайёргарлик кўришни ёритиб бориш юзасидан фикр алмашишди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистон томони ШҲТнинг Тошкентдаги саммити давомида чет эл журналистлари фаолияти учун яратиладиган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йил июлда ШҲТ Уфадаги саммитида ташкилот раислиги Россиядан Ўзбекистонга ўтди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил қилинган минтақавий халқаро ташкилотдир. Унга Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Беларусь, Монголия, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Афғонистон ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: