ШҲТ Тошкент саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашувидан бошланди
Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Тошкент саммити ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги учрашувидан бошланди, деб хабар беради жума куни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов раислигида ўтаётган мажлисда Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Республикаси президенти Алмазбек Атамбоев, Россия Федерацияси президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси президенти Имомали Раҳмон иштирок этмоқда.
“Музокараларда ШҲТ фаолиятини меъёрий-ҳуқуқий жиҳатдан янада такомиллаштириш, ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни изчил ривожлантириш, шунингдек, терроризм, сепаратизм ва экстремизмга, наркотик моддалар ва қурол-яроғ контрабандасига, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши биргаликда курашиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари, Афғонистондаги вазият муҳокама қилинмоқда”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.