ШҲТга аъзо давлатлар мувофиқлаштирувчилари ташкилотнинг Тошкентдаги саммити якуний хужжатларини келишиб олдилар
Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – 20-22-июн кунлари Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи сиёсий муассасаси матбуот хизмати.
“Йиғилишда Қирғизистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикасининг мухтор делегациялари томонидан ШҲТда Ўзбекистон раислигининг якунланаётган босқичи ва ШҲТнинг Тошкент саммитига тайёргарлик билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди ҳамда ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисининг якуний ҳужжатлари келишилди”, - дейилади чоршанба куни тарқатилган хабарда.
Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.
Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.