ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг Тошкентдаги саммитидаги ўз иштирокини расман тасдиқладилар – ТИВ

Дата: 16:35, 21-06-2016.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилотнинг Тошкентдаги саммитидаги ўз иштирокини расман тасдиқладилар, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Хабар қилинишича, ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Хитой раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон иштирок этиши расман тасдиқланган.

Ташқи сиёсий муассаса маълумотларига кўра, Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Беларус президенти Александр Лукашенко, Мўғулистон президенти Сахиагийн Элбегдорж, Покистон раҳбари Мамнун Ҳусайн, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Зариф кузатувчи давлатлар, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов раислик қилувчи мамлакат меҳмони сифатида иштирок этади.

Мажлисда ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев ҳам қатнашади.

Бундан ташқари, ШҲТ саммитида халқаро ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Жефри Фелтман, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Бош котиби Николай Бордюжа, АСEАН Бош котиби Ле Лионг Мин, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг ижрочи директори Гун Сзянвей ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари А.Носировнинг маълум қилишича, тадбирда иштирок этиш учун Тошкентга ШҲТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, шунингдек, чет эл оммавий ахборот воситаларининг қарийб 1 минг вакили ташриф буюради.

“Давлат раҳбарлари мажлис кун тартибига мувофиқ, ШҲТ доирасида серқирра ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама этади, шунингдек, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, давлат раҳбарлари учрашуви якунида асосий ҳужжат – ШҲТ ўн беш йиллигининг Тошкент декларацияси қабул қилинади. Унда ташкилотнинг сўнгги ўн беш йиллик фаолияти, аъзо давлатларнинг ШҲТни ривожлантириш истиқболларига нисбатан келишилган ёндашувлари, шунингдек, жорий халқаро ҳамда минтақавий вазият бўйича позиция ўрин олади.

“Давлат раҳбарлари 2025-йилгача ШҲТни ривожлантириш стратегиясини амалга оширишга доир 2016-2020-йилларга мўлжалланган ҳаракат режаси ва ШҲТни ривожлантириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: