ШҲТнинг Пекиндаги Бош қароргоҳида Ҳиндистон ва Покистон байроқлари кўтарилди

Дата: 18:28, 15-06-2017.

Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Шанхай Ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Пекиндаги Бош қароргоҳида бирлашманинг 16 йиллигини нишонлаш доирасида унинг янги аъзолари – Ҳиндистон ва Покистон давлат байроқлари кўтарилди.  

ШҲТ котибияти маълумотига кўра, тадбирда ХХР ташқи ишлари вазири ўринбосари Кун Сюанью, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, аъзо давлатларнинг элчилари, ШҲТ котибияти ва ОАВ вакиллари қатнашдилар.

ШҲТ Бош котиби 9 июнда Қозоғистон пойтахти Остонада ташкилот таъсисчилари бўлган мамлакатлар етакчилари томонидан Ҳиндистон ва Покистонни тўлақонли аъзоликка қабул қилиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинганлигини эслатди.

ШҲТ Бош котиби, ХХР ташқи ишлари вазири ўринбосари, Ҳиндистон ва Покистон элчилари маросимни “шанхай руҳи” ҳайкалтарошлик композицияси ёнида барабанларни саккиз маротаба (ташкилот аъзолар сони бўйича) уриш билан якунладилар.

Ҳиндистон ва Покистон давлат байроқларини кўтариш маросими ШҲТнинг Sina Weibo  ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида олиб кўрсатилди ва 1,61 млн маротаба кўрилди.

Ўзбекистон ТИВ маълумотига кўра, шу куннинг ўзида Тошкент шаҳрида жойлашган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитасининг биносида ШҲТнинг янги аъзо давлатлари – Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси давлат байроқларини кўратишга бағишланган тантанали маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, ШҲТ МАТТнинг расмий вакиллари, хорижий давлатларнинг элчилари, Ўзбекистон ва чет эл ОАВ мухбирлари иштирок этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: