“Шаҳрисабз” логистика маркази сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади

Дата: 18:36, 23-08-2017.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Шаҳрисабз шаҳрида шу номли логистика маркази очилиб, у сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилишга ихтисослашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ”Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК асосланган ҳолда.

Илгариги пиллачилик фабрикаси ўрнида иш бошлайдиган логистика маркази мева-сабзавотларни етиштириш, тайёрлаш, қабул қилиш, саралаш, қайта ишлаш, жаҳон талабларига мос лабораторияларда текшириш, қадоқлаш ҳамда ҳўл, музлатилган ва қуритилган ҳолда экспорт қилиш билан шуғулланади.

Марказ тўла қувват билан ишга тушгач, йилига 25 минг тоннадан зиёд маҳсулот Европа, МДҲ мамлакатлари, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. 1 минг киши доимий иш билан таъминланади. Вилоятдаги фермер, деҳқон, шахсий томорқа хўжаликларига етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисобига йилига ўртача 80 млрд сўм атрофида даромад олишади.

“Олчазор импекс” ўзбек-латвия қўшма корхонаси томонидан таъсис этилган корхонада йил 1 сентябрга қадар йиллик қуввати 5,35 минг тонна сиғимли совутадиган ва музлатадиган омборхона, 1 минг тонна мева-сабзавотларни қуритиш, 2 минг тонна дуккакли маҳсулотларини саралаш линияси, шунингдек, брокерлик идораси, логистика бўлими ва экспорт мактаби ташкил этилади.

Ҳозирда бу ерда мавжуд объектларни таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишлари кетмоқда.

2018 йилнинг 1 январига қадар 88 гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозлаган интенсив боғ, замонавий ускуналар билан жиҳозланган иссиқхона, йилига 6 минг тонна маҳсулотларни тез музлатувчи линияни, 2 минг тонна майиз, қуритилган олхўри ва ўрикни қайта ишлаш линиясини ҳамда замонавий лабораторияни ташкил этиш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: