Шаҳрисабзда пойтахтнинг иккита университетининг филиаллари очилди

Дата: 17:31, 14-06-2019.

Тошкент. 14 июнь. ЎзТАГ – Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида пойтахтнинг иккита университети филиаллари очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ҳукуматнинг 2019 йил 11 июндаги 448-ва 489-сонли қарорлари билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТошДПУ) ва Тошкент кимё-технология институти (ТХТИ) Шаҳрисабз шаҳрида филиаллари ташкил этилди", - дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, филиалларда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади ва талабаларни қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига қабул квоталаридан келиб чиқиб белгиланади.

Шунингдек, қарорлар билан филиалларнинг васийлик Кенгашларининг асосий вазифалари ва таркиби тасдиқланди.

"Қарши Давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейининг бинолари ва иншоотлари ТошДПУ филиали тасарруфига ўтказилди, Шаҳрисабз енгил саноат касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари ТХТИ филиалига топширилди", - дейилади хабарда.

Мазкур академик лицей ва касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ўқув жараёнини филиаллар биноларида ўқишни тамомлагунга қадар давом эттирадилар.

Сурат манбаи: advantour.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: