Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Олимпиадада мағлубиятсиз қатнашмоқда
Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – Шахмат бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Тромс шаҳрида (Норвегия) ўтаётган Олимпиадада 5 август ҳолатига келиб мағлубиятсиз қатнашмоқда. 3-тур якунлари бўйича 10 жамоа 6тадан очко жамғарди, улар орасида Ўзбекистон термаси ҳам бор, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Миллий Олимпиада қўмитасидан хабар қилишларича, 3-турда ўзбекистонликлар Бразилия термаси билан беллашган ҳолда, 3,5:0,5 ҳисобида зафар қучдилар. Ушбу баҳсда Антон Филиппов, Марат Жумаев ва Жаҳонгир Воҳидовлар рақибларини мағлуб этишган бўлса, Рустам Қосимжонов дурангга имзо чекди.
Сўнгги турда Ўзбекистон термаси Германия терма жамоасига қарши ўйнайди.