Шанхай Халқаро тадқиқотлар академияси делегацияси Тошкентда музокаралар ўтказди

Дата: 15:41, 20-07-2017.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтида (СМТИ) Шанхай Халқаро тадқиқотлар академиясининг (ШХТА) вице-президенти Ян Цзян бошлиқ делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Учрашувда ўзбек-хитой муносабатларини янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилиниб, Ўзбекистонда “2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси” доирасидаги ислоҳотларга, “Бир минтақа, бир йўл” ташаббусини амалга ошириш истиқболларига баҳо берилди”, - деб таъкидлади СМТИ матбуот хизматида.

 Хитой таҳлилчиларининг фикрига кўра, бугунда Ўзбекистон дунёга ўзини ишончли ва истиқболли ҳамкор сифатида танитди. Мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик унга халқаро ҳамжамиятнинг қизиқишини оширмоқда. “2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси” доирасида белгиланган устивор йўналишларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонга ўзини замонавий ривожланган давлат сифатида тақдим этишга имкон беради.

Хитойда ўзбек-хитой муносабатларининг юқори даражасини қадрлашади, етакчи таҳлилий марказлар эса бу ишга ўз ҳиссасини қўшиш ниятидадир.

Музокаралар якунлари бўйича СМТИ ва ШХТА ўртасида иккитарафлама лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишув тузилиб, ҳаракатлар режаси имзоланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: