Шавкат Мирзиеёв яна икки вилоят ҳокимларини ишдан бўшатди
Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро ва Сурхандарё вилоятларининг ҳокимларини ҳам ишдан бўшатди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат раҳбари халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашди. Мирзиёев вилоятда йўл қўйилган камчилик ва мавжуд муаммолар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди.
“Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Тожимурод Мамараимов Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Навоий вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Эркинжон Турдимов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб сайланди”, деб таъкидлашди президент матбуот хизматида.
Сўнгра Шавкат Мирзиёев халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди. У вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда муайян камчиликларга йўл қўйилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, давлат раҳбари ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши мамлакатимиз бўйича эришилган марралардан анча орқада қолаётгани, қишлоқ хўжалигида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш бўйича белгиланган дастурлар ижроси етарли даражада таъминланмаётгани танқид қилди.
“Бошқа ишга ўтгани муносабати билан Муҳиддин Эсонов Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан “Ўзагрокимё” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган Ўктам Барноев Бухоро вилояти ҳокими этиб сайланди”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳокимларини лавозимидан олиб ташлаган эди.