Шавкат Мирзиёев 94 кишини фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги фармонни имзолади

Дата: 09:41, 23-02-2017.

Тошкент. 23 феврал. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 94 кишини фуқароликка қабул қилиш ҳақидаги фармонни имзолади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон фуқароликка қабул қилиш борасида ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирларини тизимли равишда амалга ошириб боради”, - дея қайд этилади ҳужжатда.

Шу билан бирга, дейилади қарорда, Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий ҳолати, ирқи, миллати, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати ҳамда сиёсий ва бошқа эътиқодидан қатъий назар, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонун кучга кирган вақтда турли объектив ва бошқа ҳаётий шароитларга кўра мамлакат ташқарисида бўлган маҳаллий аҳоли, шунингдек, бошқа мамлакатларда туғилиб-ўсиб, Ўзбекистонни ўз Ватани сифатида дилдан тан олган, унинг тараққий этиши ва гуллаб-яшнаши учун муносиб ҳисса қўшганлар қабул қилиниши мумкин”, - деб таъкидланади фармонда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: