Шавкат Мирзиёев Афғонистон президентига таъзия билдирди

Дата: 11:52, 08-02-2017.

Тошкент. 8 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва бутун афғон халқига мазкур мамлакатнинг шарқий ва шимоли-шарқий вилоятларида юз берган кучли қор кўчкилари оқибатида кўплаб инсонларнинг нобуд бўлгани, жароҳат олгани ва бошпанасидан айрилгани муносабати билан чуқур таъзия изҳор этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Бу ҳақида куни кеча президентнинг матбуот хизмати хабар берди.

“Давлатимиз раҳбари ўз мактубида қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик ва далда сўзларини етказиб қўйишни сўради”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 5 феврал маълумотларига кўра, Афғонистонда кўчки тушиши оқибатида 100 ортиқ киши қурбон бўлди.

Табиий офатга уч кун давомида тинимсиз ёққан қор сабабчи бўлган. Қор кўчиши натижасида Нуристон вилоятида икки қишлоқ қор остида қолиб кетган.

Юқоридаги воқеа муносабати билан Афғонистонда бир неча асосий йўлларда ҳаракат қийинлашган. Қобул ва Қандаҳорни боғлаб турувчи йўлда бир неча юз машина йўлда қолиб кетган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: