Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида олдиндан шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни ёқлаб чиқди
Тошкент. 27 март. ЎзТАГ – Шавкат Мирзиёев Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасида олдиндан шартларсиз тўғридан-тўғри мулоқотни ёқлаб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Афғонистон мамлакати даражасида – марказий ҳукумат ва қуролли мухолифатнинг асосий кучлари, биринчи навбатда, “Толибон” ҳаракати ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқотни бошлашни таъминлаш зарур. Томонларнинг бир-бирига нисбатан саволлари ва талаби бўлажак музокараларда муҳокама қилиниши мумкин”, - деди ўзбек етакчиси Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусида Тошкентда ўтказилган халқаро конференциядаги нутқида.
Унинг фикрига кўра, “Афғонистон ичидаги сиёсий жараёнларни бошлашни энди орқага суриб бўлмайди”. “Бу жараённи чўзиш яна кўплаб бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига олиб келади”, - деб таъкидлади Мирзиёев.
Тинчлик жараёнининг муваффақиятли бўлишини таъминлаш учун афғонистонликларнинг ўзларига ташаббус кўрсатиш, музокаралар қандай форматда, қачон ва қаерда олиб борилиши бўйича танлаш имконини бериш керак, деб давом этди Ўзбекистон президенти. “Бу ўринда гап, аввало, қуролли мухолифат томонидан ҳам, Афғонистон миллий хавфсизлик кучлари томонидан ҳам жанговар ҳаракатлар олиб боришдан воз кечилиши ва ўт очишни тўхтатиш режимига сўзсиз риоя қилиниши ҳақида бормоқда”, - деб қайд этди у.
Афғонистоннинг келгусидаги тинч тараққиёти учун умумий масъулиятни ҳис этган ҳамда ўзбек ва афғон халқининг азалий дўстлик алоқаларига таянган ҳолда, биз Ўзбекистон ҳудудида тинчлик жараёнларининг исталган босқичида Афғонистон ва “Толибон” ҳаракати ўртасида тўғридан-тўғри музокараларни ташкил этиш учун барча шароитларни яратиб беришга тайёрмиз, дея таъкидлади ўзбек етакчиси.
Мирзиёевнинг фикрига кўра, “Мухолифат тинч музокараларда иштирок этадиган ва миллий келишувга эришилган тақдирда Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига мухолифатнинг интеграциялашуви учун барча шароитларни яратиш зарур бўлади”. “Қуролли мухолифат вакиллари, жумладан, толиблар ҳам афғон жамиятининг бир қисми ва Афғонистон фуқаролари сифатида ўз мамлакати келажагини белгилаш учун овоз бериш ҳуқуқига эга”, - деди Ўзбекистон президенти.
Бу борада, деб таъкидлади ўзбек давлати етакчиси, мамлакатда парламент ва президентлик сайловларигача бўлган даврда афғонлар ўртасида ўзаро мулоқотни бошлаш ва шу тариқа жамиятнинг барча қатламалари, жумладан, мухолифатдаги кучларга ҳам янги Афғонистон давлатини қуришда тўлақонли иштирок этиш учун кенг имкониятлар яратиш ғоят муҳимдир.
Сурат манбаи: https://rian.com.ua/world_news/20161205/1019350207.html