Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоев билан телефонда мулоқот қилди

Дата: 13:44, 28-11-2017.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси собиқ раҳбари Алмазбек Атамбоев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Президенти ўзининг Қирғизистон Республикасининг юксак давлат мукофоти – “Данакер” ордени билан тақдирлангани учун самимий миннатдорчилик билдирди. Бу мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари, самарали ҳамкорликни ривожлантиришда эришилган улкан муваффақиятлар эътирофи экани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

Суҳбатда якунига етаётган йил икки томонлама муносабатларда тўпланиб қолган кўплаб, жумладан, анча мураккаб масалаларни ҳал қилишда катта натижаларга эришиш имконини берган ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлгани таъкидланди.

Қирғизистон ва Ўзбекистонга яқинда амалга оширилган ўзаро давлат ташрифлари икки томонлама муносабатлар ривожига янги суръат бахш этгани, мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмининг сезиларли ўсишига, турли даражадаги ташрифлар алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Ўзбекистон – Қирғизистон давлат чегаралари тўғрисидаги шартнома имзоланганининг тарихий аҳамияти алоҳида қайд этилди.

Суҳбат якунида икки мамлакат ташқи сиёсатида изчилликни сақлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: