Шавкат Мирзиёев амалдорларни оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшашга чақирди

Дата: 14:46, 04-01-2018.

Тошкент. 4 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалдорларни оддий одамларнинг дарди ва ташвиши билан яшашга чақирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).   

Мамлакат президенти бу ҳақида 3 январь куни Вазирлар Маҳкамаси комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш ва янги устувор вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.

“Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, ижро органлари ишидаги ўзгаришларни жойларда одамлар сезиши керак”, - деб ҳисоблайди давлат раҳбари.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 2017 йил 27 ноябрдаги қарорга мувофиқ, ҳукумат аппарати қайта шакллантирилган эди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси ҳамда Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш, туризм масалалари комплекси ташкил этилганди.

 Йиғилишда мазкур икки комплекснинг ўтган даврдаги фаолияти таҳлил қилиниб, 2018 йилга мўлжалланган режалари ва энг устувор вазифалари муҳокама этилди.

 Президентимиз кун тартибидаги масалага танқидий ёндашиб, аксарият ташкилотлар ўз фаолиятини замон талаблари даражасида ташкил эта олмаётгани, қабул қилинган қарор ва дастурларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётганини таъкидлади.

 Йиғилишда Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирлик ва идоралар олдида турган муҳим вазифалари ҳақида сўз юритилди.

 Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, мактаб таълими сифатини ошириш, тест синовлари ва олий ўқув юртлари фаолиятини такомиллаштириш, спортчиларнинг бўлғуси мусобақаларга тайёрлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан боғлиқ вазифаларга тўхталиб ўтилди.

 Йиғилишда иқтисодиёт соҳа ва тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жумладан, қатъий пул-валюта сиёсатини юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини кучайтириш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, замонавий саноат корхоналари барпо этиш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш каби масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: https://365info.kz/2015/06/zhizn-prostyx-lyudej-v-uzbekistane/

Янгилик билан ўртоқлашиш: