Шавкат Мирзиёев Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси билан музокаралар ўтказди

Дата: 12:42, 02-02-2017.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Америка-Ўзбекистон савдо палатаси (АЎСП) раиси Кэролин Лэмм билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Музокаралар доирасида савдо-иқтисодий, инвестиция, технология, инновация ва таълим соҳаларида узоқ муддатли ҳамда кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида фикр алмашилди.

“Иқтисодиётнинг турли соҳалари – агросаноат комплекси, электротехника, фармацевтика ва бошқа тармоқларида АҚШнинг етакчи ташкилот ва компаниялари тажрибаси, тўғридан-тўғри инвестициялари ва замонавий технологик ютуқлари асосида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди. Халқаро стандартларга мувофиқ юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.

Ўзаро муносабатларни, аввало, иқтисодиёт соҳасида мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Кэролин Лэмм Америка – Ўзбекистон савдо палатасининг барча вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.

Ҳозирда Ўзбекистонда АҚШнинг Boeing, General Motors, General Electric, CNH Industrial, Hyatt, Hilton ва бошқа кўплаб жаҳонга машҳур компаниялари фаолият юритмоқда.

Тарафлар 2016 йилда ўзаро товар айланмасини 70% кўпайтириб, $454 млнга етказишга эришдилар. АҚШнинг инвестициялари ҳажми $1 млрддан ошди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: