Шавкат Мирзиёев американинг “Дженерал Электрик” компанияси вице-президенти билан музокаралар ўтказди

Дата: 15:02, 02-03-2017.

Тошкент. 2 март. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистана президенти Шавкат Мирзиёев американинг “Дженерал Электрик” компанияси вице-президенти Рональд Жеймс Поллетт билан музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ). 

Давлат раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ишбилармон доираларининг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга қизиқиши ортиб бораётганини мамнуният билан таъкидлади. 

“Учрашув чоғида ушбу компания билан узоқ муддатли, айниқса, юқори технологик тармоқлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Булар электр энергетика, нефть ва газ, электротехника саноати, замонавий тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш, уларга хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишлардаги янги дастур ва лойиҳалардан иборатдир”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.  

Учрашувда мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

 Рональд Жеймс Поллетт самимий қабул ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаётгани учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдириб, "Женерал Электрик" Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади. 

АҚШ компанияси вице-президентининг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якунида иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида меморандум имзоланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: