Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятидаги “Боғи Бобур” истироҳат боғига ташриф буюрди

Дата: 18:32, 02-06-2017.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятидаги “Боғи Бобур” истироҳат боғига ташриф буюрди. Бу ҳақида жума куни давлат раҳбарининг расмий сайтида хабар берилмоқда.

“Ш.Мирзиёев ташаббуси билан истироҳат боғини янада обод қилиш, (“Боғи Бобур” боғида жойлашган “Бобур ва жаҳон маданияти” – ЎзТАГ) музейни таъмирлаш ва фаолиятини кенгайтириш режалаштирилган”, - дейилади хабарда.

“Ҳар бир ҳудудга борганда ўша ернинг тарихини ўрганиш ва тиклашга эътибор қаратмоқдамиз. Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу масканни янада обод қилиб, тарбия ўчоғига айлантириш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”, - деб таъкидлади Ш.Мирзиёев.

Шунингдек, президент музей экспонатлари билан танишди. Олимлар ва нуронийлар билан мулоқотда бўлди.

Эслатиб ўтамизки, “Боғи Бобур” истироҳат боғи Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510-йиллиги муносабати билан фойдаланишга топширилган. Бобур халқаро жамоат фонди тасарруфидаги сўлим маскан 357 гектар майдонни эгаллаган. Боғда Бобур Мирзонинг рамзий қабри ва ҳайкали, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи барпо этилган. Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедиция томонидан олиб келинган ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган музей мамлакатдаги диққатга сазовор масканлардан бирига айланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: