Шавкат Мирзиёев Ангренда завод қурилишининг амалга оширилиши билан танишди
Тошкент. 21 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жума куни Ангрен шаҳрига ташриф буюрди, дея хабар қилинади давлат раҳбарининг расмий сайтида.
Маълумотда айтилишича, Ш.Мирзиёев конвейер ленталари, қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобиль шиналари ишлаб чиқариш заводи лойиҳасининг амалга оширилиши билан танишди. “Лойиҳага кўра йилига 100 минг погон метр конвейер лентаси, 200 мингта қишлоқ хўжалиги техникаси шинаси, 3 миллион дона автомобиль шинаси ишлаб чиқариш режалаштирилган”, - дейилади хабарда.
“Бу завод мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамиятга эга”, - деди давлат раҳбари.
Таъкидланишича, завод ишга тушгач 1,2 мингга яқин киши иш билан таъминланади. “Ёшлар замонавий технологияларни эгаллаб, малакали кадр бўлиб шаклланади. Ҳозиргача 68 мутахассис Хитойда малака ошириб қайтдилар”, - дейилади хабарда.
“Давлатимиз раҳбари корхона учун мутахассисларни аниқ, манзилли асосда тайёрлаш, хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Хитойнинг “Поли текноложи” компанияси билан ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, янги имкониятларни кашф этиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни чуқурлаштириш бўйича “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан 10 йиллик стратегия ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади”, - дея таъкидланади хабарда.
Бугунги кунда заводда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Режага кўра, жорий йилнинг 1 сентябр куни корхонада биринчи шина ишлаб чиқарилади.


