Шавкат Мирзиёев Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди

Дата: 14:22, 22-05-2017.

Тошкент. 22 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбари матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Саммитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари ва АҚШ Президенти, БМТ, Араб давлатлари лигаси, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлиги кенгаши бош котиблари иштирок этдилар”, - дейилади хабарда.

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд форум иштирокчиларини қутлар экан, уларнинг иштироки саммит нуфузини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Мазкур форум экстремизм ва терроризмга қарши курашиш, бағрикенглик ғояларини илгари суриши, хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

“Дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, терроризм ва зўравонликка қарши биргаликда курашиш араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити кун тартибидаги асосий масала ҳисобланади. Тинчликка таҳдидларнинг олдини олиш, барча давлатларнинг миллий-диний қадриятлари ва маданиятларини сақлаш саммит иштирокчилари диққат эътиборида бўлди”, -  дейилади хабарда.

Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммити ислом дини нуфузини янада ошириш, давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, терроризм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, қурол-яроғ ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашда муҳим омил бўлади, дея хулоса қилинади хабар сўнгида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: