Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳоний билан учрашди
Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида ўтаётган Ислом ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизматига асосланган холда.
Шавкат Мирзиёев Ҳасан Руҳонийни яқинда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ишончли ғалабаси билан қутлади.
Ўзбекистон ва Эрон халқларини тарихий ва маданий муштараклик, яхши қўшничилик муносабатлари боғлаб туради. Икки мамлакатнинг мумтоз адабий мероси халқларимиз учун бирдек қадрли. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бормоқда.
Ш.Мирзиёев савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт-инфратузилма соҳаларидаги алоқаларга тўхталар экан, бу борадаги имконият ва кенг салоҳиятдан янада самарали фойдаланиш, ўзаро саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш ҳамкорликни янги босқичга кўтаришини таъкидлади.
Ҳасан Руҳоний Эрон Ўзбекистонни минтақадаги яқин ва ишончли ҳамкор деб билишини, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкамланиши ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилишини қайд этди.