Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғанига Қобулдаги теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига Қобул шаҳри марказида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб бегуноҳ кишиларнинг нобуд бўлгани ва оғир жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик мактуби йўллади. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ хабар бермоқда.
“Давлатимиз раҳбари Афғонистон Президенти ва биродар Афғонистон халқига чуқур таъзия изҳор этди. Қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик сўзларини етказиб қўйишни сўради. Жароҳат олганларга тез фурсатларда соғайиб кетишларини тилади”, - дейилади ТИВ хабарида.
Эслатиб ўтамизки, 31 май маҳаллий вақт билан 8.30 атрофида Қобул марказидаги хорижий элчихоналар ва президент саройи яқинида миналаштирилган автомобиль портлатилди. Сўнгги маълумотларага кўра, 90 ортиқ киши қурбон бўлган, яраланганар сони 380 ошган. Марказий майдон полиция томонидан ўраб олинган.
Қобулдаги теракт учун масъулиятни “Имлом давлати” террорчилари ўз зиммасига олди.