Шавкат Мирзиёев Ашраф Ғанини Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди
Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон Президенти Ашраф Муҳаммад Ғанини Ўзбекистонга расмий ташриф буюришга таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Афғонистон Ислом Республикасига ташрифи доирасида Афғонистон Президентига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонга расмий ташриф буюриш таклифи қайд этилган шахсий мактубини етказди.
Шунингдек, мулоқот давомида турли йўналишларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
“Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Афғонистон раҳбариятининг сиёсий хоҳиши туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутунлай янги суръат ва хусусиятга эга бўлди. Бу сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг фаоллашувида яққол намоён бўлмоқда”, -деб қайд этилади хабарда.
Учрашувда ўзаро аҳамият касб этадиган халқаро ва минтақавий сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Олдин хабар қилингани каби, 24 январда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Афғонистонга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Афғонистоннинг ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини қисқа муддат ичида $1,5 млрдга етказиш имконини берадиган икки томонлама савдо-иқтисодий “Йўл харитаси”ни имзолади.