Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркдаги сессияси ишида иштирок этади

Дата: 09:10, 03-03-2017.

Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг жорий йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган сессияси ишида иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу ҳақида Ўзбекистон президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга мактубида очиқланди. 

“Сиз билан жорий йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўладиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида учрашамиз, деган умиддаман”, - деб таъкидланади давлат раҳбарининг мактубида. 

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев мактубда ташкилотга БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармасини тузишга қаратилган саъй-ҳаракатлар қатъий қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди. 

 “Муҳтарам жаноб Бош котиб! Бугун дунё ижтимоий-сиёсий соҳалардан тортиб экологик муаммоларгача қамраб олган турли таҳдид ва хатарлар тобора кўпайиб бораётганига дуч келмоқда. Жаҳон иқтисодиётида конъюнктура ўзгараётган, глобаллашув ва рақобат кучайиб бораётган бугунги шароит барча мамлакатларнинг янада барқарор ва уйғун ривожланиши учун мутлақо янги ғоя ва принципларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этади”, - деб таъкидлади Ўзбекистон етакчиси. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 2015 йил сентябр ойида БМТ саммитида қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларини самарали амалга оширишга доир глобал миқёсда кўрилаётган чора-тадбирларни маъқуллайди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Айни пайтда, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама ва жадал янгилаш учун шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: