Шавкат Мирзиёев БМТ янги бош котибини сайлангани билан табриклаб, Ўзбекистонга таклиф қилди

Дата: 15:48, 17-10-2016.

Тошкент. 17 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришни Бирлашган миллатлар ташкилоти бош котиби этиб сайланганлиги муносабати билан табриклади, деб хабар берди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Давлат раҳбари ўз мактубида Ўзбекистон БМТни бутун жаҳон тинчлиги ва барқарорлигини сақлаш, халқаро ва минтақавий хавфсизликнинг кўплаб мураккаб муаммоларини ҳал этиш, изчил ривожланишни таъминлаш ва экологияни ҳимоя қилишдаги универсал халқаро тузилма деб ҳисоблашини таъкидлади”, - дейилади ташқи сиёсий муассаса хабарида.

Шунингдек, ТИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Антониу Гутерришни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.

“Шавкат Мирзиёев БМТга аъзо давлатларда барқарор ва кенг кўламли ривожланиш бўйича ташкилотга юклатилган вазифаларни амалга оширишда Антониу Гутерришни қатъий қўллаб қувватлашини билдирди ҳамда ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди”, - деб такидланади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: