Шавкат Мирзиёев БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди

Дата: 14:38, 24-11-2017.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Бугун, 24 ноябрда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев БМТнинг собиқ бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Самимий ва очиқ руҳда ўтган мулоқотда давлатимиз раҳбари Пан Ги Мун БМТга Бош котиблик даврида Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлигида самарали лойиҳалар амалга оширилганини ёдга олди. Пан Ги Мун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифини юқори баҳолаб, бу икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстлик ва ўзаро ишонч руҳидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлишини қайд этди”, - дейилади хабарда. 

Шунингдек, жорий йил 10 ноябрь куни Самарқандда ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзуидаги халқаро анжуманда кўтарилган масалалар долзарблиги, Ўзбекистоннинг ташаббуслари Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди. 

Пан Ги Мун Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорчилик изҳор қилди. 

Эслатиб ўтамизки, 22-25 ноябр орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: