Шавкат Мирзиёев “чинакам демократик ҳуқуқий давлат” қуришга ваъда берди

Дата: 14:38, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрда Нью-Йоркда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашувида “чинакам демократик ҳуқуқий давлат” қуришга ваъда берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Президенти мамлакатнинг фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётгани учун Олий комиссарга миннатдорлик билдирди.

Ўз навбатида, Олий Комиссар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланишлар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қайд этди.

“Зайд Раад ал-Ҳусайн мамлакатимиз ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) ўртасидаги амалий ва очиқ мулоқотни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга янги суръат бахш этган 2017 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларини юксак баҳолади. Июн ойида парламент Бошқарма билан ҳамкорлик бўйича 90 дан ортиқ тадбирдан иборат ҳаракатлар режасини қабул қилди. ИҲОКБнинг Бишкекдаги минтақавий офиси билан фаол ҳамкорлик ривожланмоқда. Сентябр ойи бошида ушбу офис раҳбари Ўзбекистонда бўлди. Сентябр ойи охирида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф билан келиши режалаштирилган”, - дейилади хабарда.

Зайд Раад ал-Ҳусайн Шавкат Мирзиёевга 2017 йил 10-11 ноябр кунлари Самарқандда ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро анжуманда иштирок этишга таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: